13.06.2020
Сoca Cola Cуперлигаси 4-тур «Бунёдкор» – «Қўқон-1912» учрашувидан кеийнги матбуот анжуманининг биринчи қисмида жамоамиз устози Бахтиёр Ашурматов иштирок этди.
Гапнинг очиғини айтадиган бўлсам, уч ой давомида футбол ўйнамадик. Тайёргарлик жараёни ва “Навбаҳор” билан бўлган ўртоқлик учрашувидан кейин футболчиларнинг жисмоний ҳолати яхши деб ўйлаган эдик. Лекин барибир ўртоқлик ўйини ва расмий учрашув орасида фарқ бор эканлигини бугунги баҳс кўрсатди. Афсуски, бугунги баҳсда рақиб биздан жисмоний жиҳатдан устун эканлиги намоён бўлди. “Бунёдкор” тўпни назорат қилиш борасида кучли эканлигини билардик. Шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Рақибимиз бугун ҳақли ғалабага эришди. Бугунги ғалаба билан “Бунёдкор”ни табриклайман.
Биринчи бўлим бошидаги вазиятларни ҳисобга олмасак, вазиятлар борасида тенглик ҳукмронлик қилди дейишим мумкин.
Балки таркиб танлашда ҳам хатога йўл қўйган бўлишимиз мумкин. Чунки, бизда асосий таркибда ўйнаши мумкин бўлган ва ўйинни кучайтирадиган футболчиларимиз бор эди.
“Бунёдкор” тўп назорати билан дарвозамизга яқин жойлашди. Биз эса қарши ҳужумга таяниб ҳаракат қилдик. Бугунги баҳсга жиддий тайёргарлик кўргандик. Афсуски, ўзимиз кутмаган ҳолда гол ўтказиб юбордик.
“Бунёдкор” ўз ўйини билан бизга тактикамизни ўзгартиришга мажбур қилди.
Бамба “Навбаҳор” билан бўлган ўртоқлик учрашувида асосий таркибда майдонга тушганди. Унинг ажойиб паслари бор. Тўп билан яхши ишлайди. Бугунги баҳс олдидан Райевац ва Норбековлар ҳам яхши спорт формасида эди. Рақиб дарвозаси олдида кўпроқ тўпни ушлаб қолиш учун иккита ҳужумчи билан ўйинни бошлагандик. Бу ўзини оқламади дейиш мумкин. Рақиб бунга имкон бермади ва афсуски биз ўйлаган режалар амалга ошмади.
Мени ҳайрон қолдирган нарса уйда ва меҳмонда тамоман бошқа бошқа жамоаларни кўряпмиз. Мана бугун ҳам иккита ҳужумчи билан ўйнаганимизга қарамай, ҳужумга ўтишда анча қийналдик. Сафарда ўз майдонимиздаги каби ҳужумкор ўйин намойиш эта олмаяпмиз. Бунинг сабабларини ўрганамиз ва бу муаммони бартараф этиш устида ишлаймиз. Агар биз яхши натижаларга эришишни истасак, меҳмонда ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатишимиз керак.
Бугунги баҳс олдидан футболчиларимизнинг жисмоний ҳолатига бошқача баҳо бергандим. Аммо жисмоний ҳолатимиз кўнгилдагидек эмаслиги яққол билинди.
Шиддат бўйича йигитларга эътироз билдира олмайман. Рақибни тўпсиз қолдиришимиз керак эди. Аммо бунинг уддасидан чиқа олмадик ва шунинг учун муаммоларга учрадик. Тўғри рақибимиз у қадар кўп имкониятларга эга бўлмади. Лекин барибир ғалаба қозонишга эришди.