13.11.2020
Суперлиганинг навбатдаги тур учрашувларига пухта хозирлик кўраётган “Қўқон-1912” жамоаси аъзолари, Қўқон шаҳрида машғулотларни давом эттиришмоқда.
Бахтиёр Ашурматов шогирдлари кеча икки таркибга бўлинган холда ўзаро ўйин ўтказишди. “Оқлар” ва “кўклар” ўртасидаги учрашувга ёшлар жамоасидан ҳам бир нечта футболчилар жалб қилинди. Назорат ўйинини “Қўқон-1912” жамоасининг мураббийлар штабида фаолият олиб бораётган барча мураббийлар кузатиб боришди. Жамоалар қуйидаги таркибларда майдонга тушишди.
“Оқлар”: Ислом Абдуллаев, Мухсин Норматов, Сардор Етовқўзиев, Собит Синдаров, Музаффар Музаффаров, Рамзбек Исақов, Якуба Бамба,Иброҳим Мухторов, Барҳаёт Саидаҳмаджонов, Шаҳзод Маъмуржонов, Хамидилло Абдухамидов.
“Кўклар”: Музаффар Абдуллаев, Бобир Акбаров, Ойбек Рустамов, Иван Йосович, Александр Мерзляков, Авазхон Маматхўжаев, Муҳаммаданас Хасанов, Иқбол Маликжонов, Қувондиқ Рўзиев, Сардор Азимов, Филип Райевац.
Ёмғир остида ўтган ўйиннинг биринчи бўлимида ўйиндаги устунлик кўпроқ “кўклар” томонида бўлди. Авазхон Маматхўжаевнинг қанотдан оширган тўпини Филип Райевац дарвозага жойлаб ўйиндаги ҳисобни очди. Бироз ўтиб Иқбол Маликжонов юзага келган қулай имкониятдан унумли фойдаланиб ҳисобни 2-0 кўринишига олиб келди. Биринчи таймнинг охирги дақиқаларида дарвозабон ҳамда ҳимоячиларнинг хатосидан унумли фойдаланган ёш хужумчи , Хамиддило Абдухамидов ўйиндаги ҳисобни қисқартирди. Шундай қилиб 1-тайм 2-1 ҳисобида “кўклар” фойдасига ҳал бўлди. Назорат ўйинининг иккинчи бўлимида мураббийлар айрим футболчиларни ўзаро ўринларини алмаштиришди. Яъни “кўклар” таркибидан “оқлар”га ва аксинчасига ўзгартиришди.
Ўйиннинг иккинчи бўлими ҳам , ёмғир ёғишига қарамай шиддатли курашларга бой тарзда бўлиб ўтди. Бироқ футболчилар иккинчи бўлимда дарвозаларга бошқа гол кирита олишмади. Шундай қилиб ўзаро ўйин “кўклар”нинг 2-1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.