08.12.2020
Ўзбекистон Coca Cola кубоги 1/8 финал доирасидаги “Қўқон-1912” – “Сурхон” учрашувидан кеийнги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Қўқон-1912 ” жамоаси бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов қатнашди.
– “Сурхон” жамоаси бугун асосан, иккинчи таркиб футболчилари билан майдонга тушди. Уларда иштиёқ кучли эди. Биринчи бўлим давомида бу нарса яққол кўринди. Улар биринчи бўлимда бизга етарлича қаршилик кўрсатишди. Бундан ташқари, футболчиларимиз ёш футболчиларни бемалол ютамиз деб ўйлашди шекилли. Қолаверса, Термизликлар қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қилишди. Танаффусда йигитларга таъкидлаб ўтдик. 45 минут тезда ўтиб кетади. Тезроқ ҳаракат қилмасак , бундай ўйин билан гол ура олмаслигимизни тушунтирдим. Футболчилар кўрсатмаларимни иккинчи бўлимда тўлиқ бажаришди. Вазиятлар яратиш, иштиёқ борасида ҳаракатларимиз анча ўзгарди. Иккинчи бўлимда ўйинимиз кучади ва керакли бўлган ғалабага эришди. Энди кейинги рақибимизни кутамиз. “Сурхон”ни эса бугунги учрашувдаги ўйинлари учун миннатдорчилик билдираман ва уларга келгусида омад тилайман.
Кучли жамоага қарши футболчиларни тайёрлаш бироз осонроқ бўлади. Сабаби футболчиларни ўзи кучли рақибга қарши ўзларини яхши тайёрлайди. Кучсизроқ жамаоага қарши тайёрлаш қийинроқ кечади. Ўйлайманки, кейинги босқичда кучсиз жамоа бўлмайди ва иштиёқ жиҳатдан футболчиларимизда муаммо бўлмайди.
Бизда мавсумни охирига келиб ёш футболчиларни майдонга туширишга мажбур бўлдик. Айни дамга келиб таркибимизда муаммолар юзага келди. Бек Абдуллаев ва Жасур Ёқубовлар мавсум давомида ўринбосарларимиз таркибида яхши ўйинларни намойиш қилишди. Машғулотларда астойдил ишлашди. Бугун уларга имконият бердик. Бек Абдуллаевни бугун бироз иссиғи ҳам бўлган экан. Майдонга тушишга иштиёқи кучлилигидан буни бизга билдирмаган. Иккинчи таймда Сардор Етовқўзиев, Мухсин Норматовларни ҳам майдонга туширдик. Улар ҳам ёмон ўйнашмади. Айниқса Етовқўзиевнинг ҳаракатлари бизга манзур бўлди. Бу футболчиларга қанча кўп имконият берсак, шунча яхши бўлади.
Кейинги босқичда қайси рақиб тушишини фарқи йўқ. Сабаби қуръа истаган рақибни бизга тўғрилаб қўйиши мумкин. Айни пайтда “Пахтакор” ва “Насаф” жамоалари барчадан ўйин бўйича кучли деб ўйлайман. Лекин кубок баҳслари бир ўйиндан иборат эканлигини хисобга олсак ҳар қандай рақиб билан ҳам бемалол ўйнаш мумкин.