22.12.2020
2020-йилги футбол мавсумини юқори кайфиятда ўтказган “Қўқон-1912” жамоасининг асосий таркиб футболчиларига таътил эълон қилинган. Футболчиларимиз жуда оғир мавсумни ўтказишди. Энди улар янги йил арафасида , оила аъзолари билан бирга бироз ҳордиқ чиқаришади.
Жамоамизнинг мураббийлар штаби эса дам олишганлари йўқ. Бош мураббий Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги мураббийларимиз келгуси мавсум учун селекция ишларини бошлаб юборишган. Асосий таркибимизнинг ҳимоя, ярим ҳимоя ва хужум чизиқларини кучайтириш борасида изланишлар давом этмоқда.
Мураббийларимиз ўринбосарлар таркибини ёшартириш, бу жамоа таркибига номзод бўлган ёшларни кўрикдан ўтказиш ишлари билан ҳам шуғулланишмоқда.
Бугун Қўқон шаҳридаги 2-БЎСМга қарашли стадионда “Қўқон-1912” жамоасига қарашли футбол мактабининг Эрнест Асанов мураббийлигидаги 2003-2004 йилларда туғилган футболчилари ҳамда Наманган вилояти , Поп туманидаги Ғурумсарой футбол мактабининг 2001-2002 йилларда таваллуд топган футболчилари ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкил қилинди.
Учрашувни Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги мураббийлар штаби кузатиб боришди.
Ўйинда катта устунликка эга бўлган Қўқонлик ёш футболчилар 4-1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритишди. Эрнест Асанов шогирдларидан голларга Яҳёхон Акбаров (3та) ва Исмоилхон Матфозиловлар муалифлик қилишди. Элдор Турсунов мураббий бўлган Ғурумсаройлик ёш футболчиларнинг ягона голини эса , жарима зарбасидан Акромжон Гулоббоев киритди. Ўйинни кузатиб борган мураббийларимиз айрим ёш футболчиларнинг исм-фамилияларини ён дафтарларига ёзиб қўйишди.
Қуйида бугун бўлиб ўтган назорат ўйинидан олинган суратларни томоша қилинг.