29.01.2021
Ўтган мавсумни жамоамиз мураббийлар штабида ўтказган тажрибали мураббий Даврон Файзиев бу йилги мавсумда “Бухоро” жамоасини бошқариши барчангизга маълум бўлди. “Қўқон-1912” жамоаси Даврон Ориповични бандлиги муносабати билан мураббий билан хайрлаша олмаган эди. “Бухоро” жамоасининг айни кунларда Фарғонада эканлигидан фойдаланиб, кеча “Қўқон-1912” жамоаси Даврон Файзиев билан хайрлашув маросимини ўтказди.
Қўқон шаҳридаги жамоамиз қароргоҳида Даврон Файзиев шарафига зиёфат уюштирилди. Дастурхонга ўзбек миллий таоми ош тортилди. “Шунқорлар” бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов маросимда сўз олиб Даврон Файзиевга жамоамизда қилган меҳнатлари учун клуб раҳбарияти, мураббийлар , футболчилар ҳамда ишқибозлар номидан миннатдорчилик билдирдилар. Даврон Ориповични “Бухоро” жамоасидаги фаолиятларида улкан зафарлар тилаб, у кишига зарбоп тўн ҳамда дўппи кийдирилди. Ўз навбатида Даврон Файзиев ҳам “Қўқон-1912” жамоасининг аҳил оиласи билан бирга ишлаганлигидан фахрланишини , бу жамоа унинг қалбида доим сақланишини ҳамда суперлиганинг янги мавсумида “Қўқон-1912” жамоасига мухлислик қилишларини изҳор қилдилар.
Барча футболчилар ҳам Даврон Файзиевга янги иш жойида улкан муваффақиятлар тилашди. Маросим сўнггида барча жамоа аъзолари эсдалик учун суратга тушишди.