06.09.2021
“Бунёдкор” билан бўладиган баҳсга тайёргарлик кўраётган футболчиларимиз ФИФА кунлари муносабати билан юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиш мақсадида ўртоқлик баҳсида майдонга тушишди. Тошкент вилоятидаги “Дўстлик” стадионида “Қўқон-1912” ҳамда “Сурхон” жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйини бўлиб ўтди. Учрашувда вакилларимиз кичик ҳисобда ғалаба қозонишди.
Мазкур ўйинни жароҳати сабабли бир қатор етакчи футболчиларимиз ўтказиб юборишди.
Мурод Холмуҳаммедов, Славко Лукич ҳамда Бобур Акбаровларнинг жароҳатлари майдонга тушмасликларига сабаб бўлди.
Учрашувнинг биринчи бўлими шиддатли тарзда ўтганига қарамай, ҳисоб очилмади. Тайм якунида Суҳроб Бердиевга ҳакам билан “қизғин суҳбат”га киришгани учун қизил карточка кўрсатилди. Ўртоқлик ўйини бўлганлиги сабабли қизил карточка олган футболчининг ўрнига ҳам бошқа футболчи майдонга тушди.
Иккинчи бўлим худди биринчиси каби ҳужумкор руҳда бошланди. 47-дақиқада захирадан майдонга тушган Андрей Сидоров рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни очди. Голдан кейин томонлар ҳужумга зўр беришди. 80-дақиқада захирадан майдонга тушган Мурод Чориев ўйиндаги ҳисобни тенглаштирди. Бу вазиятда ҳимоячиларимиз Чориевни назардан қочиришган эди.
Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида рақиб дарвозаси олдида босимни кучайтирган вакилларимиз иккинчи тўпни киритишга муваффақ бўлишди. Рақибларимиз ўз жарима майдончалари ичида Ваҳобовни йиқитишди. Бош ҳакам пенальти белгилади. Яна бир захирадан майдонга тушган ўйинчи Анвар Хожимирзаев пенальтини аниқ амалга ошириб, жамоамизга ғалаба келтирди.
Айтиш жоизки, ушбу жамоалар бир неча кун олдин Суперлигада ҳам тўқнаш келишганди. Ўша баҳсда ҳам вакилларимизнинг қўли баланд келганди.
Ўртоқлик ўйини
“Қўқон-1912” – “Сурхон” – 2:1 (0:0)
Голлар: Андрей Сидоров (47), Анвар Хожимирзаев (87пен) – Мурод Чориев (80)
“Қўқон-1912”: 46. Хуршид Хўжаев, 7. Асадбек Собиржонов, 8. Фарход Бекмуратов, 10. Шохназар Норбеков, 11. Мўмин Мелиев, 14. Аваз Маматхўжаев, 15. Ойбек Рустамов, 19. Суҳроб Бердиев, 20. Иқбол Маликжонов, 23. Александр Мерзляков, 33. Иван Йосович
Захира: 96. Ислом Абдуллаев, 4. Илҳом Ваҳобов, 9. Хамидилло Абдуҳамдов, 13. Сардор Азимов , 18. Анвар Хожимирзаев, 22. Мухаммаданас Хасанов, 70. Мурод Холмухаммедов, 91. Якуба Бамба, 99. Андрей Сидоров
“Сурхон”: 12. Рустам Нартаджиев, 6. Алишер Салимов, 7. Исломжон Тошпулатов, 8. Жахонгир Ахмадов, 9. Низомжон Норов, 10. Муродбек Бобожонов, 14. Жасур Холтўраев, 19. Нуриддин Ҳасанов, 66. Беҳруз Шайдулов, 70. Иброҳим Йўлдошев, 99. Комрон Сайдазимов.
Захира: 1. Азамат Ахмедов, 2. Муродбек Туйчибоев, 4. Жавоҳир Соҳибов, 5. Жасурбек Ёқубов, 11. Зоҳир Пиримов, 17. Сардор Сулаймонов, 20. Хусниддин Ғофуров, 23. Абдул Азиз Юсупов