14.09.2021
Бундан бир неча дақиқа олдин Қўқон шаҳридаги “Марказий” стадионда Coca Cola Суперлигаси 18-тур доирасидан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Машъал” учрашуви бўлиб ўтди. Бугун ҳам жамоамизнинг бир қатор етакчи ўйинчилари турли сабабларга кўра майдонга туша олишмади.
Учрашувнинг 13-дақиқасида футболчиларимиз ҳисобни очишди. Анвар Хожимирзаев 3 нафар рақиб ҳимоячилари орасидан очиқ нуқтани топиб дарвозани аниқ нишонга олди. 19-дақиқада вакилларимиз ҳисобни оширишлари мумкин эди. Иқбол Маликжоновнинг олисдан йўллаган зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди. 20-дақиқада меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришди. Муборакликларнинг кетма-кет ҳужумларидан сўнг Жамолиддин Убайдуллаев дарвозасимизни ишғол этди. 36-дақиқада мезбонлар олдинга чиқиб олишди. Жарима зарбасидан кейин Мўмин Мелиев боши билан рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди. Тайм охирида икки жамоа ҳам ҳужумкорликка зўр берди. Аммо вазиятлардан фойдалана олмаслик натижасида танаффусга қадар ҳисоб ўзгаришсиз қолди.
Вакилларимиз 2-бўлимни ҳужумкор руҳда бошлашди. 47-дақиқада Асадбек Собиржонов жуда қулай вазиятда ноаниқ зарба йўллади. 58-дақиқада Хожимирзаев – Мелиев – Ҳасанов комбинацияси чиройли чиқди. Сўнгги паллада тўп Ҳасановнинг оёғига тегиб майдонни тарк этди. 60-дақиқада меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришлари мумкин эди. Чика Окваранинг зарбаси дарвоза устунига тегиб майдонга қайтди. 70-дақиқада рақиб дарвозаси олдида яна бир хавфли вазият юзага келди. Ҳасановнинг бурчак зарбасидан кейин тўп тўғри дарвозага борди. Эшбўтаев катта қийинчилик билан тўпни қайтарди.
Ўйиннинг сўнгги дақиқасида вакилларимиз ҳужумкорликни кучайтиришди. Меҳмонлар эса қарши ҳужумдан самара келтиришга ҳаракат қилишди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар муборакликлар ҳисобни тенглаштиришди. Бу сафар ҳам Убайдуллаев гол муаллифига айланди. Шу тариқа, жамоамиз қимматли очколардан маҳрум бўлди. 2017 йили ушбу жамоалар иштирокида Қўқонда ўтган баҳсда ҳам муборакликлар сўнгги дақиқалардаги гол эвазига бир очкога эга бўлишганди.
Coca-Cola Суперлига
18-тур
ҚЎҚОН-1912 – МАШЪАЛ – 2:2 (2:2)
Ҳакамлар: Элёр Турсунов, Андрей Цапенко, Тимур Гайнуллин, Лочинбек Долимов
Назоратчи: Рашид Айтеков
VAR ҳаками: Аскер Нажафалиев
VAR ассистенти: Тимур Галеев
VAR назоратчи: Валентин Коваленко
Комиссар: Шерзод Ражабов.
Гол: Анвар Хожимирзаев (13), Мўмин Мелиев (36). – Жамолиддин Убайдуллаев (20), (90+3).
“Қўқон-1912”: 46. Хуршид Ходжаев, 3. Бобур Акбаров, 4. Илҳом Ваҳобов, 5. Славко Лукич, 7. Асадбек Собиржонов (14. Аваз Маматхўжаев – 88), 11. Мўмин Мелиев (99. Андрей Сидоров – 66), 15. Ойбек Рустамов, 18. Анвар Хожимирзаев (91. Якуба Бамба – 73), 20. Иқбол Маликжонов, 22. Муҳаммаданас Ҳасанов (13. Сардор Азимов – 73), 33. Иван Йосович.
Захира: 1. Музаффар Абдуллаев, 8. Фарҳод Бекмуродов, 9. Ҳамидулло Абдуҳамидов, 10. Шоҳназар Норбеков, 19. Суҳроб Бердиев.
“Машъал”: 12. Шохрух Эшбўтаев, 5. Нижмиддин Нормуродов, 7. Ифеани Ифеани (Шаҳзод Шайманов-46), 9. Ойбек Нурматов (11. Самуэль Чигози – 74), 10. Чика Оквара, 17. Жамолиддин Убайдуллаев, 19. Қаҳрамон Баҳодиров (33. Сирожиддин Аллаев – 84), 20. Худоёрхон Сагдуллаев (97. Руслан Ходжиев – 82), 22. Сирожиддин Қўзиев, 23. Самандар Шукуруллаев, 27. Муҳаммад Йўлдашев (2. Зафар Акрамов -74).
Захира: 1. Ботир Носиров, 8. Микел Окоро Ибе, 18. Аббос Шодмонов, 99. Жаҳонгир Абдусаломов.