Қаршининг “Насаф” жамоаси 5 ноябрь куни Баҳрейнда “Муҳаррақ” жамоасига қарши бўлиб ўтадиган ОФК кубогининг финал ўйинида майдонга тушадилар. Жамоамиз номидан “Насаф” жамоасига омад тилаймиз !
Бахтиёр Ашурматов шогирдлари “Насаф” билан бўладиган учрашувга аниқ режа бўйича тайёргарликни давом эттирмоқдалар. Мураббийлар штабининг ишлаб чиққан режаларига асосан “шунқорлар”нинг Қўқондаги машғулотлари 9 ноябрга қадар давом этади. Мазкур саналар орасида жамоа аъзолари битта назорат учрашувида майдонга тушадилар. Бу борада суперлига ҳамда про-лига жамоалари билан музокаралар олиб борилмоқда. Машғулотлар бугундан кунига икки маҳалдан олиб борилади. Ҳозирги кунда жароҳатлари боис Ойбек Рустамов, Илҳомжон Ваҳобов, Хамиддило Абдухамидов ва дарвозабон Хуршид Хўжаевлар машғулотларда иштирок этишмаяпти. Жамоамиз шифокорлари бу футболчиларни тезроқ сафга қайтишлари учун бор маҳоратларини ишга солишмоқда. Шунингдек ярим ҳимоячимиз Фарҳод Бекмуродов ҳам оилавий сабабларга кўра машғулотларга етиб келгани йўқ. Фарҳоджон шу кунларда жамоа сафига келиб қўшилиши кутилмоқда.
10 ноябрь кунидан бошлаб жамоа машғулотлари Тошкент шаҳрига кўчирилади. Тошкентдаги машғулотлар 14 ноябрга қадар давом этади. Айнан 14 ноябрь куни “шунқорлар” Қарши шаҳри томон йўлга чиқадилар. Футболчиларимизга суперлиганинг сўнгги турларини юқори кайфият билан якунлашларида омад тилаймиз!