25.03.2022
Бугун “Қўқон-1912” жамоаси бош мураббийи Бахтиёр Ашурматовнинг туғилган куни. Ўзбекистоннинг етти карра чемпиони, ўзининг чиройли ва шиддатли ўйинлари ва мураббийликдаги ўз услуби билан мухлислар қалбидан чуқур жой олган мутахассис бугун 46 ёшни қарши олдилар .
Шу муносабат билан “Қўқон-1912” жамоаси раҳбарияти, мураббийлар штаби, футболчилар ҳамда кўп сонли мухлисларимиз номидан Бахтиёр Аъзамовични бугунги айём билан чин юракдан табриклаймиз. У кишига сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, жамоамиздаги фаолиятларида улкан зафарлар тилаб қоламиз.
Бахтиёр Ашурматов катта футболдаги фаолиятини Тошкентнинг МҲСК жамоасида бошлаган ва кейинчалик “Пахтакор”, “Дўстлик” жамоаларида ўзини жангчи ҳимоячи сифатида кўрсатган ва натижада Россия жамоаларидан яхшигина таклифлар келиб тушган. Ашурматов футболчилик фаолиятида Россиянинг “Спартак-Алания”, “Торпедо-Металлург”, “Крыля Советов” жамоаларида тўп сурган. Қўқонлик мутахассис футболчилик даврида нафақат ўзи тўп сурган жамоаларнинг балки, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам етакчи ўйинчиларидан бирига айлана олган. Бахтиёр Ашурматов футболчи сифатида терма жамоа сафида 54 та учрашувда майдонга тушган.
2013 йилдан мураббийликни бошланган Бахтиёр Ашурматов бугунги кунга қадар бир қатор ютуқларни қўлга киритган. Олмалиқнинг “АГМК” жамоаси билан Ўзбекистон кубоги соҳибига айланган Бахтиёр Аъзамович бугунги кунда “Қўқон-1912” жамоасида ўзининг қандай салохиятга эга эканлигини намойиш қила олмоқда. Мутахассис Қўқонда хақиқий рақобатбардош жамоани шакллантира олди. Биз Бахтиёр Аъзамович бошчилигида “Қўқон-1912” жамоаси кўзлаган юксак мақсадларига эриша олишига ишонамиз. Бу йўлда бош мураббийимизга куч-қувват, мустаҳкам соғлик ва омад тилаймиз.
Туғилган кунингиз муборак бўлсин !