17.09.2022
“Насаф” – “Қўқон-1912” (2:1) ўртасидаги ўйиндан кейин жамоамиз бош мураббийи Даврон Файзиев матбуот анжуманида қатнашди.
– Ўйин мухлисларбоп қизиқарли бўлди. Иккита жамоа ҳам ғалаба учун ҳаракат қилди. Балки кўпчилик бугун Қўқон жамоаси ҳимояга ётиб олади ёки ҳимоядан ўйнайди деб ўйлаган бўлиши мумкин. Аммо биз бу учрашувга пухта тайёргарлик кўргандик. Айниқса, ўйиннинг охирги дақиқалари жуда қизиқарли бўлди. Гоҳ у жамоа, гоҳ бизнинг жамоа ҳужумлар ташкил этдик. Хатолардан тўғри хулоса чиқаришга ҳаракат қиламиз. Қаторасига 7 бор дуранг ўйнадик. Бугун ҳам дурангга яқин тургандик. Ғалабага ҳам яқин келгандик. Бу футбол. Унда кимдир хато қилади, кимдир фойдаланиб кетади. Афсуски, бу ҳозирча бизнинг жамоа фойдасига бўлмаяпти. Ачинарли ҳолат шу деб ўйлайман. Йигитларга бугун жанговар ва матонат билан ўйин кўрсатишгани учун раҳмат айтаман. Ҳар турда ўйин темпини ошириб боряпмиз. Бундан кейин ҳам керакли очколарни қўлга киритиб, мавқеимизни юқорироқ кўтаришга ҳаракат қиламиз. “Насаф” жамоасини ғалаба билан табриклайман.
– Биринчи бўлимда негадир жамоанинг ўйини қовушмади. Сабаби нима?
– Бунинг сабаби “Насаф” жамоаси айбдор. Бизга нафас олишга йўл қўймади, майдонни ҳар бир қаричида юқори прессинг таклиф қилди. Юқори прессингда йигитлардан дастлабки 10-15 дақиқада ўзларини йўқотиб қўймаслик талаб этилганди. Мухлислар далдаси ҳам “Насаф”ни олдинга боришга мажбурлади. Ўйлайманки, йигитлар ёмон ўйин кўрсатишгани йўқ. Биздаги муаммо вазиятлардан унумли фойдаланмаслик билан боғлиқ. Бугун жароҳатлар ҳам бор эди. Энг яхши марказий ҳимоячиларимиздан бири Йосович қатнаша олмади. Анвар Хожимирзаев ҳам жароҳатда, ҳали қайтгани йўқ. Бугунги ўйинга ким тайёр бўлган бўлса, ҳаммаси қатнашди.
– Иккинчи бўлимда “Қўқон-1912” мазмунли ўйин кўрсатди. Бу тактик кўрсатма билан боғлиқмиди ёки “Насаф” шундай имконият бердими?
– Ўйин бошидан йигитларга қўрқмасдан футбол ўйнашни уқтиргандим. Барибир “Насаф” ўз уйида ўйнагани учун кўпроқ олдинга ҳаракат қилади. Иккинчи ва учинчи ҳудудларда бўш зоналар очилишини кутгандик. Биринчи бўлимдаги кўрсатмам тўпни кўпроқ назорат қилиш эди. Шуни ҳисобига футболчиларда кўпроқ техник хатолар кузатилди. Иккинчи бўлимда тўғри кўрсатмалар берилди ва футболчилар мазмунли ўйин кўрсатишди.
– “Қўқон-1912”нинг бу йилги муваффақиятсиз натижаларига нима сабаб деб ўйлайсиз?
– Сабабини билганимда айтардим. Мана бу сабаб деб баҳона қилиш нотўғри. Гол урмаганингиздан кейин ғалаба қозона олмайсиз. Иккинчи даврадаги ўйинларимизни кузатган бўлсангиз ҳеч қайси рақибдан кам вазият яратганимиз йўқ. Пенальтидан ҳам гол уролмадик. Буни омадсизликка боғлаган бўлардим. Қаердадир камчилигимиз бор ва шу камчиликни топишимиз керак. Футболда кўп нарса омадга боғлиқ. Бугун ҳам “Насаф”га омад кулиб боқди. Ўйланган комбинация бўлмади, фақат омад. “Насаф” чемпионлик учун курашяпти. Йўқотадиган нарсаси йўқ. Балки биз шунга тайёр турмагандирмиз. Ўйиндан кейин дарҳол бирор-бир фикр билдириш жуда қийин.
– Ўша голдан кейин ҳакамларга кескин эътироз билдирдингиз ва сизга сариқ карточка ҳам кўрсатилди…
– Ўша вазиятда биз ўйинчи алмаштиришимиз керак эди. Жарима тўпи тепилишидан аввал захира ҳаками бош ҳакамга “замена” деб айтиб турибди. Бош ҳакам нимагадир қулоқ солмасдан ўйинни давом эттиришга рухсат берди. Биз вақт чўзишга ўйнаганимиз йўқ. Менга шундай туюлдики, ҳисоб 1:0 бўлиб турганида “Насаф” ҳисобни ушлашга ўйнади. Ёнимда захира ҳаками “замена” деб айтяпти, аммо бош ҳакам қулоқ солмагани учун шу вазиятга эътироз билдирдим. Узр сўрайман, хиссиётлар…Мени ҳам тўғри тушунишади, деб ўйлайман. Агар шу хиссиётлар бўлмаса ишлашни ҳожати йўқ.