16.11.2022
Coca Cola суперлигасининг 2022 йилги мавсуми “Қўқон-1912” жамоаси учун оғир ва синовларга бой мавсум бўлди.
Жамоамиз бу мавсумда фақат 4 ўйинда ғалаба қозона олди холос. 12 та ўйинда футболчиларимиз майдондан бошларини эгиб чиқиб кетган бўлсалар яна 10 та учрашувда дуранг натижа қайд этилди. Рақиблар дарвозасига 21 та тўп киритиб, ўз дарвозамиздан 38 та тўп олиб чиқдик. Гол ўтказиб юбориш борасида фақат Динамо ҳамда Сурхон жамоаларидангина яхши натижа қайд этилди. Дуранглар бўйича эса рекорд натижани Олимпик жамоаси қайд этди, 14 та дуранг. Насаф ҳамда Қўқон-1912 жамоалари 10 мартадан дуранг ўйнашди. Айнан ана шу дуранглар бизнинг якуний натижамизга ўз таъсирини ўтказди. Агар ўтказган ўйинларимизни сарҳисоб қилсак, Яйпандаги “Ўзбекистон” стадионида Пахтакор, АГМК, Динамо, Нефтчи, Бунёдкор каби жамолар билан ўйинларда футболчиларимиз мухлисларга ёқадиган, жанговор ўйин кўрсатишган бўлсаларда , учрашувнинг сўнгги дақиқаларида дарвозамиздан гол ўтказиб юбориб, якунда дуранг натижаларни қайд этдик. Сафарда Олимпик, Металлург, Насаф каби жамоаларга қарши ўтказган ўйинларимиз ҳам мухлисларимиз ҳамда мутахассисларда жуда яхши тассурот қолдирди. Энг ачинарли томони бу йил биронта ҳам ўйинни Қўқондаги ўз майдонимизда ўтказа олмадик. Молиявий муаммолар сабабли “марказий” стадион ёритгичлари ПФЛ талаблари даражасига жавоб бера оладиган ҳолатга келтира олинмади.
Бу мавсум жамоамиз учун охирги 8 йилдаги молиявий томонлама энг қийин мавсум сифатида ҳам тарихдан жой олди. Яхшики жамоамиз раҳбарияти бу вазиятдан чиқиб кетиш йўлини топишди ва барча молиявий муаммолар бартараф этилди.
Юқоридаги сабаблар жамоамизнинг суперлигадан тушиб кетишига асосий омиллар бўлган бўлсада, биз баҳона қилиш фикридан йироқмиз. Таркибида Муроджон Холмуҳаммедов, Александр Мерзляков, Жавоҳир Сидиқов, Қувондиқ Рўзиев, Ойбек Рустамов, Иван Йосович, Музаффар Абдуллаев каби машҳур футболчилари бор жамоа суперлигани тарк этишга лойиқ эмас эди. Ҳа, қаерлардадур хатоларга йўл қўйдик. Суперлигада қолиш масаласини аввалроқ ҳал қилишимиз лозим бўлган вазиятларни қўлдан чиқардик.
Энди дўппини бошдан олиб хулоса чиқарадиган пайт келди. Биз хатоларимизни таҳлил қилган ҳолда, келгуси мавсумга тайёргарликни бугундан бошлаймиз.
Мавсум давомида биз билан бирга бўлган ва бизни охиригча қўллаб-қувватлаган барча азизларимиз олдида бошимизни эгиб, таъзим қиламиз! Бизни “синди” деганлар хато фикрлаётганликларини исботлаймиз. Жамоамиз суперлигага ҳар томонлама пухта тайёрланиб, янада кучли бўлиб, ўз олдига жидий мақсадларни қўйиб қайтади.
Биз албатта ва тез муддатларда яна кучлилар сафига қайтамиз!
Йиқилди деб ўйламанг,
Ўйламанг синдим, чўкдим.
Келгуси баҳоргача
Фақат баргимни тўкдим.
(Жалолиддин Румий)