19.12.2022
Ўзбекистонда трансфер ойнаси очилганидан сўнг “Қўқон-1912” жамоасининг етакчи футболчиларига юртимизнинг гранд жамоаларидан таклифлар бўлмоқда.
Жамоамиз етакчиларидан бири, 23 ёшли футболчилари ўртасида Осиё чемпиони Ойбек Рустамовга ҳам мана шундай таклифлар кўплаб бўлди. “Қўқон-1912” жамоаси Ойбек Рустамовнинг юқори спорт формасини ушлаб туриш ҳамда унга кучлилар сафида ўйин амалиёти тақдим қилиш, шунингдек Осиё чемпионлар лигаси ўйинларида иштирок этишини таъминлаш мақсадида Олмалиқнинг АГМК жамоасига бир йил муддатга ижарага беришга қарор қилди. Хабарингиз бор АГМК жамоаси келаси мавсумда Осиё чемпионлар лигасида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритишган. Шу мақсадда АГМК жамоаси раҳбарлари жамоани кучайтириш учун Ойбек Рустамовнинг хизматларига қизиқиш билдирди. Ҳар икки жамоаларнинг ўзаро келишувларига асосан Ойбек Рустамов АГМК жамоасида 2023 йилнинг 31 декабрь санасига қадар ижара асосида тўп суради. Рустамовнинг трансфери бўйича барча ҳуқуқлар “Қўқон-1912” жамоасида сақланиб қолади. Жамоамиз номидан Ойбек Рустамовга янги жамоасида омад тилаймиз!