01.04.2023
Қўқон шаҳрига Куйтун шаҳар ҳокими бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Қўқон шаҳар ҳокимлигида икки томон расмийлари ва ишбилармон доиралари ўртасида ўтказилган мулоқот чоғида давлатларимиз раҳбарларининг ташаббуслари билан турли соҳаларда ўзаро манфаатли алоқалар ривожланиб бораётгани таъкидлаб ўтилди.
Куйтун шаҳар ҳокими Альтай Сакен бошчилигидаги делегация аъзолари шаҳримиз ҳокими Маъруфжон Усмонов ҳамроҳлигида “Қўқон-1912» жамоасига қарашли “марказий” стадионга ташриф буюришди. Хитойлик меҳмонлар ўзбек футболининг энг биринчи жамоаси тарихи билан қизиқишди. Жамоамиз раҳбари Акрамжон Мамадалиев меҳмонларга жамоамизнинг тарихи ҳамда ушбу кундаги жамоа ҳақида сўзлаб берди. Меҳмонлар футболчиларимиз билан суҳбатлашиб эсдалик учун суратга тушишди. “Марказий” майдонида Куйтун ҳамда Қўқон шаҳар ҳокимлари ўзаро тўп тепиш бўйича кичик беллашувга киришдилар.
Жамоамиз раҳбарияти томонидан жаноб Альтай Сакенга меҳмоннинг исми туширилган “Қўқон-1912» формаси ҳамда бошқа эсдалик совғалар тақдим қилинди. Куйтун шаҳар мерида “Қўқон-1912» жамоасининг тарихи катта таассурот қолдирди.
Ҳар икки ҳокимлар Қўқон ва Куйтун шаҳарлари ўртасида дўстлик алоқаларини ривожлантириш борасидаги меморандумни имзоладилар.