20.09.2023
Про лигада ҳам номдор ўйинчилар тўп суришини биласиз. Улардан бири, ҳозирги кунда “Қўқон-1912” шарафини ҳимоя қилаётган футболчи Артём Филипосян.
Тажрибали ўйинчи ёзги трансфер пайтида қўқонликлар сафига қўшилди. Унинг келиши жамоа ўйинини ва айниқса, ҳимоя чизиғини мустаҳкамлади.
Қўқонликлар биринчи даврада йўқотилган очколар ўрнини тўплаб бормоқдалар. Аммо яқинда марказий учрашувда “Қўқон-1912” Тошкентда “Локомотив”га ютқазиб қўйди. Филипосян билан суҳбатимизни ушбу учрашувдаги савол билан бошладик.
– Аввало “Локомотив”га қарши марказий ўйин ҳақида сўрамоқчи эдим. Унда қўқонликлар мағлуб бўлди. Муҳим ўйинда очко йўқотилишига нима сабаб?
– Ўйинни яхши бошладик. Голли вазиятлар яратдик, лекин фойдалана олмадик. “Локомотив” яхши жамоа. Ўйин мухлислар учун зўр бўлди. “Локомотив” ютди, биз ютқаздик. Футбол шуниси билан қизиқ. Ҳаммамиз ҳаракат қилдик ва ҳаракат қиляпмиз. Бу – футбол.
– Илк бор про лигадасиз. Бу ернинг савияси сиз ўйлагандекми ёки…
– Ҳа, илк бор про лигада ўйнаяпман. Мен учун про лиганинг савияси яхши. Чунки бу ерда ҳам яхши ўйинлар бўляпти.
филипосян1
– Шунча пайт Суперлигада ўйнадингиз ва легионер бўлиб ҳам тўп сурдингиз. Вақти келиб про лигага борганингизда ўзингизни ноқулай ҳис қилмадингизми?
– Йўқ, нимага ўзимни ноқулай ҳис қилишим керак? Шу вақтгача Суперлигада ва хориж клубларида тўп сурдим, Худога шукр қиламан. Пешонамга про лигада ўйнаш насиб қилган экан, хурсандман. Энг асосийси, ишимни давом эттиряпман. Футбол ўйнашни ёқтираман, насиб бўлса ҳали яна ўйнашга интиламан. Асосан соғлик бўлсин, қолган ҳамма нарса бўлади.
– Нима сабабдан бундай қарорга келдингиз?
– Қўқон жамоасидан таклиф бўлди ва ўтдим. Мақсади бор жойларда ҳар доим футбол ўйнашни истайман. Худо хоҳласа, “Қўқон-1912” жамоаси билан Суперлигага чиқамиз.
– Айтинг-чи, Қўқондаги фаолиятингиз қандай кечяпти? Ўзингизга ёқяптими?
– Қўқонда мени яхши кутиб олишди. Бу клубда менга ҳамма нарса ёқяпти. Олдинлари водийда футбол ўйнасам деб ният қилгандим, пешонамда “Қўқон-1912” жамоаси ёзилган экан.
филипосян2
– “Қўқон-1912”га аниқ мақсад қўйилган, Суперлигага чиқиш. Ушбу йўлда кураш осон эмас. Бу борадаги рақобат катта қийинчилик туғдиряптими?
– Тўғри, жамоамизнинг мақсади Суперлигага чиқиш. Ҳаммамиз шу йўлдамиз ва ҳаракат қиляпмиз, насиб бўлса элитага чиқамиз. Олдинда ҳали яна 4 та ўйин бор, Худо хоҳласа вазифани бажарамиз.
– Суперлигани кузатяпсизми? Кўпроқ қайси жамоанинг ўйини ёқяпти?
– Суперлига ўйинлари кўряпман. Бугунги кунда менга “Пахтакор”нинг ўйини ёқяпти.
Шуҳратбек Жўраев.