12.04.2017
Осиё чемпионлар лигасининг 4-тури доирасида “Локомотив” ўз майдонида Эроннинг “Истиқлол” клубини қабул қилди ва ғалабани қўлдан чиқарди.
“Темирйўлчилар” ўйинни анча фаол бошлашди. Баҳснинг 3-дақиқасида чап қанотда Зотеев ва Мирзаев ижросидаги комбинациядан кейин тўп рақиб жарима майдончасига етказилди, аммо тўпни дарвозага йўллайдиган футболчи топилмади. Орадан 6 дақиқа ўтиб, тошкентликлар ҳисобни очишлари шарт эди. Зотеев чап қанотдан жарима майдончасига ёриб кириб, узатма берди. Алибоев 7-8 метрлардан берган зарбани Маҳди Раҳматий оёғи билан қайтаришга муваффақ бўлди.
Ниҳоят, уюштирилаётган ҳужумлар 13-дақиқага келиб, ўз самарасини берди. Мезбонлар майдон марказида рақибни тўпни олиб қўйишди ва Машарипов чиройли узатма билан Бикмаевни жарима майдончасига бошлади. Марат ўткир бурчак остида аниқ зарба билан дарвозани ишғол қилди.
Орадан 2 дақиқа ўтиб ҳисобдаги фарқ иккитага ошиши керак эди. Чап қанотдан ташкил этилган чиройли комбинация туфайли Мирзаев жарима майдончаси ичида зарбавор вазиятга чиқди. Аммо Сардор 10 метрлардан на аниқ зарба берди, на аниқ узатма.
Бўлимнинг иккинчи ярмидан бошлаб устунлик теҳронликлар томонига ўта бошлади. Натижада Еличич шогирдлари ҳимояланишга мажбур бўлдилар. 40-дақиқадада Иброҳимий йўллаган жарима зарбаси жуда хавфли бўлди. Нестеров тўпга ташланмади, тўп эса устун ёнгинасидан ўтиб кетди.
Иккинчи бўлимни форслар ташаббус билан бошлашди, аммо таймдаги илк хавфли вазиятни “темирйўлчилар” яратишди. Машариповнинг узатмасидан кейин Бобур тўпни жарима майдончасининг ўнг томонида қабул қилди ва дарҳол бир ҳимоячини алдаб, дарвозабон майдончасига яқинлашди, аммо сўнгги паллада якуний қарорни қабул қилишда оқсади.
Иккинчи 45 дақиқалик тенгкурашлар остида кечди. Вакилларимиз яхши ҳимояланишди, аммо қарши ҳужумлардан фойдаланишда дадил ҳаракат қила олишмади. Боз устига, ўйин тугашига 3 дақиқа қолганида ҳужумга ўтаётган ўзбекистонликлар тўпни олдиришди ва қарши ҳужумда гол ўтказиб юборишди.
Ҳимоямизда катта бўшлиққа эга бўлган форслар имкониятдан фойдаланишди: Ризоий аниқ зарба билан дарвоза бурчагини ишғол қилди.
Орадан бир дақиқа ўтиб Бикмаев ажойиб имкониятдан фойдалана олмади. Қанотдан ерлатиб етказилган узатмага Марат етиб келдию, яқин масофадан аниқ зарба бера олмади.
Шу тариқа, “Локомотив” яратилган имкониятлардан фойдалана олмасдан, бутун ўйин яхши ҳаракат қилиб, ғалабани қўлдан чиқариб юборди. “Локо” ўз очколарини 4тага етказиб қўйди.
ОЧЛ, “А” гуруҳи, 4-тур
“ЛОКОМОТИВ” – “ИСТИҚЛОЛ” 1:1 (1:0)
Голлар: Марат Бикмаев (13) — Кавеҳ Ризоий (87)
Огоҳлантиришлар: Кахи Махарадзе (39) Шерзод Файзиев (90+3) — Али Қурбоний (19)
“Локомотив”: 1.Игнатий Нестеров, 4.Бобурбек Йўлдошев (Шерзод Файзиев 80), 5.Кахи Махарадзе, 9.Икром Алибоев, 10.Марат Бикмаев, 15.Сардор Мирзаев, 20.Ислом Тўхтахўжаев (С), 33.Олег Зотеев, 42.Муҳаммад Коне, 77.Диёр Туропов (Қувондиқ Рўзиев 64), 99.Жалолиддин Машарипов (Ньоре Кризо (85)
“Истиқлол”: 1.Маҳди Раҳматий, 3.Робсон Жуниарио, 6.Умид Иброҳимий, 9.Кавеҳ Ризоий, 14.Фаршид Бағирий, 17.Али Қурбоний (Беҳнам Барзай 82), 18.Милод Закипуркинжий, 21.Воря Ғафурий (Хусро Ҳайдарий 62), 28.Сайид Муҳсин Каримий (Жобир Ансорий 58), 88.Фаршид Исмоилий, 90.Леандро Падований
Бош ҳакам: Адҳам Муҳаммад Махадма (Иордания)