24.02.2018
Шу кунларда турли оммавий ахборот воситаларида Хитойда бўлиб ўтган U-23 Осиё чемпионатида ғолиб чиққан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан берилган мукофотлар – “Малибу” автомашиналари ҳали расмийлаштирилмагани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.
Ўзбекистон футбол Ассоциацияси мазкур хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилади. Футболчиларга топширилган “Малибу” автомашиналари Президентимизнинг совғалари бўлиб, бу автомашиналар учун қандайдир тўлов талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.
“Аксинча, Ўзбекистон футбол Ассоциацияси футболчиларнинг хаёлини бўлажак мусобақалардан чалғитмаслик, бор эътиборларини машғулотларга қаратишлари учун автомашиналарни футболчилар номига расмийлаштириш билан боғлиқ барча тўловларни ўз зиммасига олган.
Ўз ўрнида юртимиздаги журналистлар ва мухлисларни бу каби иғво ва бўҳтондан иборат гап-сўзларга учмасликка, маълумотлар ҳаққонийлигини ишончли манбалардан текширишга чақириб қоламиз”, – дейилади хабарда.