Ўзбекистон футболи
Жаҳон футболи
Фарғона футболи
FC Qo'qon

Создайте свою визитку
Умид Аҳмаджонов: Дубай сафари олдидан ички чемпионат масалаларини ҳал қилиб олдик

06.01.2019

Кеча — 5 январь куни ПФЛ вакиллари ЎФА раҳбарияти билан учрашувда иштирок этди. Унда миллий чемпионатнинг 2019 йилги мавсуми юзасидан муҳокамалар борди.

“Ўтган йил сўнгида қилган энг яхши ишимиз — ПФЛни алоҳида чиқариб юборганимиз бўлди. Энди бу ташкилот ўз аравасини ўзи тортишни бошлади. Кечаги муҳокамадан кўнглим тўлди. Ҳатто айрим бандлар юзасидан ПФЛ йигитлари мен билан тортишишгача боришди (кулади). Аслида шундай бўлиши ҳам керак. Мамлакат футболини кўтариш йўлида биз бундай эркин мулоқот ва муҳокамаларга тайёрмиз”, — деб сўз бошлади ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов.
Қуйида Аҳмаджонов томонидан айтилган фикрларни монолог кўринишида тақдим этамиз.
Суперлига формати ҳақида
“Суперлига форматини роса муҳокама қилишди, худдики мамлакат футболи ривожига шу формат тўсқинлик қилаётгандек. Ҳар қандай инсон мағлубиятни тўғри тан ола билиши керак. Келишилган ўйинлар ёки интриганинг йўқолиб қолиши каби масалалар исталган форматда юз бериши мумкин. Муҳими ўтган мавсумни ҳамма “0” очкодан бошлади ва ҳеч кимга алоҳида имтиёз берилмади. Ҳаммада чемпионлик учун бирдек имконият бор эди. “Металлург”, “Бухоро”, “Насаф” ёки “Қизилқум”нинг интригадан четда қолгани оддий ҳолат. Исталган форматда ҳам ўрталик жамоаларида шундай бўлади.Муҳими қуйи лигага тушиб кетмаслик, чемпионлик масаласи, Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун яхши кураш кетди”.
“Футболдаги шунча муаммо турганида форматни байроқ қилиб олган ҳурмати биз форматни ўзгартирдик. Кўрайликчи, энди ким нима ўйлаб топаркин”.
Клубларнинг мукофот пуллари
“Биз мукофот пулларини ваъда қилдикми, уни албатта берамиз. ПФЛ олдидаги қарзлари 2018 йил охирига қадар осилиб келган, футболчилар олдидаги қарзлари йиллар давомида осилиб ётган клублар бор. 2019 йил бундай бўлмаслиги керак”.
“Мамлакат раҳбари футболни қўллаётгани учун ҳам шундай катта ташкилотлар клубларга пул ажратиб турибди. Энди уни оқилона ишлатиш керак. Клублар раҳбарлари ўша пулларни жойига қўйиб, ўз футболчилари, ишчилари олдидаги қарзларини узсин. Кейин эса мукофот пулларини яхшиликка, клуб ривожига ишлатсин. Йўқса сметасидаги пулни ақл билан ишлатмай, уни шунчаки ҳавога совургани етмагандек, мукофот пулларини ҳам бир нарса қилишади. Қарабсизки, 2019 йил яна эски ҳаммом, эски тос. Майли ҳозир бир нарсалар деяверишсин, кейин мукофотни олганларидан сўнг раҳмат айтишади”.
Лигалар ҳақида
“Ўтган мавсумда Про-лигани бекорга иккига бўлмагандик. Ўзингиз кўрдингиз, “А” гуруҳида кураш қизғин бўлди. “Б” иштирокчиларининг кўпи мавсумга умуман тайёр эмаслиги кўринди. Энди биз ҳам “Б” режани ишга соламиз ва бу гуруҳларни икки алоҳида лигага ажратамиз”.
“Суперлигада 12 та клуб қолади, агар бирор жамоани ФИФА қуйи лигага тушириб юборишни талаб қилмаса. Қачонки рақобатбардош жамоалар кўпайиб борса, Суперлига иштирокчилари ҳам иккитага кўпайиб бораверади. Вақти келиб жамоалар сонини 16 тага етказиш режамиз бор, бу Ўзбекистон учун энг нормал вариант. Ҳозир эса бизга Про-лига “А” зонасида ҳам рақобат керак”.
“ЎФА ҳар бир лига учун талабларни аниқ-тиниқ белгилаб берган. Йиллар давомида “уни қиляпмиз, буни қиляпмиз”, деган баҳоналар билан деярли ҳеч нарса қилмаган клублар бор. Эртак тамом. Энди ё қилинади ёки хайрлашамиз. Ички чемпионат талаблари ОФКникидан ҳам юқори бўлади, яхши ният билан Япониянинг йўлидан юрамиз. Академиялар бўйича талабни ҳам ОФК элит академиялари сингари олдик. Шу йўлдан юрсак, 3-4 йил ичида мевасини биргаликда кўрамиз. Мақсад Жаҳон чемпионатига чиқиб олиб, кейин қарсак чалиб ўтириш эмас. Ички чемпионат кучли бўлса, мундиал йўлланмаси ҳам ўз-ўзидан келади”.
Муҳим ўзгаришлар
“ПФЛ бизнинг тасдиғимиз билан клубларга умумий шартномалар тарқатди. Ҳамма шу шартнома асосида ишлайди. Истамагани чемпионатда ўйнамайди. “Бунёдкор”, “Бухоро”, “Шўртан”, “Андижон” деган клубларнинг ФИФА олдида ҳисоб бериб юриши жонга тегди. Телефоним тинмайди, у клубнинг футболчилардан қарзи бор, буниси мураббийга пулини бермаган. Ака, уйга нон олиб кира олмай қолдик, дейдиган футболчилар ҳам бор. Биз футбол тепасидагилар бундай бемалолгарчиликка йўл қўя олмаймиз. Ҳамма жойда тартиб, интизом ва қонунлар устуворлиги бўлиши шарт. Шаҳар бедарвоза эмас”.
“Шунингдек, бирор клуб бошқасига икки нафар футболчидан ортиғини ижарага бермайди. Ижарага берган футболчилари ҳам ўзига қарши ўйинда майдонга тушади. Чидаса шу, чидай олмаса, бермасин ижарага ҳеч кимни”.
“2019 йилдан бошлаб бирор мураббий ёки раҳбар ўз футболчисини олиб, бошқа клубга сотишга олиб борса, биз бундай сотқинларни футболдан четлатиб қўя қоламиз. Шу клубдан нон-туз еб туриб, уялмайсанми унинг уйини пароканда қилишга? Бирор клуб раҳбари, мураббийи ёки футболчиси бошқа бир клубнинг тақдирлаш маросимига бориши ҳам шарт эмас. Йўқса биз натижалардан шубҳаланишни бошлаймиз. Жуда боришни истаса — марҳамат. Отнинг калласидек жарима тўлайди. Биз бу пулларни болалар футболини ривожлантириш ишларига сарф этамиз”.
Умид Аҳмаджонов қолган масалалар юзасидан ПФЛ расмий ахборот бериши ҳақида айтиб ўтди. Олдиндаги икки ой футбол клублари учун ҳам, ПФЛ ва ЎФА учун ҳам оғир бўлади. “Ҳеч қиси йўқ, машғулотда қийин бўлса, жангда осон бўлади”, — деб фикрини якунлади ЎФА биринчи вице-президенти.

Манба: ЎФФ Матбуот хизмати

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Пахтакор1953
2Локомотив2037
3Бунёдкор1931
4Сўғдиёна1931
5Сурхон2031
6Насаф1928
7Навбаҳор1925
8Металлург1924
9Қўқон-19122021
10Андижон2020
11АГМК2019
12Динамо2018
13Қизилқум1918
14Бухоро1915
U-21 биринчилиги
#КлубЎО
1Локомотив1939
2Бунёдкор1936
3Пахтакор1934
4Насаф1933
5АГМК1931
6Сўғдиёна1929
7Бухоро1928
8Андижон1926
9Металлург1925
10Навбаҳор1824
11Қизилқум1920
12Динамо1917
13Қўқон-19121914
14Сурхон1912