05.03.2020
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитасининг йиғилиши ўтказилди. Унда Coca Cola Суперлига 1-тур учрашувларидан сўнг “Бухоро” футбол клуби бош мураббийи Мухсин Муҳаммадиев ҳамда “Навбаҳор” футбол клуби ўйинчиси Иван Соловьёвга нисбатан интизом чорасини қўллаш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, Coca Cola Суперлига 1-тури доирасидаги “Қўқон-1912” – “Бухоро” учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжумани вақтида “Бухоро” футбол клуби бош мураббийи Мухсин Муҳаммадиев учрашув ҳакамларининг ўйин давомида қабул қилган қарорларини ҳақорат қилиб, бу билан Ўзбекистон профессионал футбол клублари учун 2020 йилги мусобақаларни ўтказиш Регламентида белгиланган учрашув расмий шахсларига нисбатан протест ва шикоят билдириш тартибига риоя қилмагани учун унга нисбатан Интизом кодексининг 2-бўлим 5.39-бандига мувофиқ моддий жарима белгиланди.
Шунингдек, Coca Cola Суперлига 1-тури доирасидаги “Пахтакор” – “Навбаҳор” учрашувидан сўнг “Навбаҳор” футбол клуби ўйинчиси Иван Соловьёв ижтимоий тармоқларда учрашув бош ҳаками шаънига нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун унга Интизом кодексининг 2-бўлим 5.38-бандига мувофиқ моддий жарима белгиланди.