03.12.2021
Пойтахтдаги “Пахтакор” стадионида Супер ва Про лигага тегишли бўлган мавсумнинг сўнгги учрашуви ўтказилди. Унда чемпионат якунларига кўра Суперлигада 12-ўриндан жой олган Муборакнинг “Машъал” жамоаси Про лиганинг учинчи ўрин эгаси Тошкентнинг “Олимпик” жамоасига қарши майдонга тушди.
Олтинчи маротаба ташкил этилган ўтиш ўйинлари анъанаси бу гал бузилди. Беш маротаба ўтказилган мазкур ўйинларнинг барчасида Суперлига вакиллари ғалаба қозониб, кучлилар қаторидаги жойини сақлаб қолганди. Бу гал эса Про лига иштирокчиси “бир айланиб” Суперлига аъзоси бўлди қолди. Бу борада муборакликларнинг омади кўп ҳам чопавермаган. Аввалги сафар, 2018 йилда ҳам “Машъал” ўтиш ўйинида “Сўғдиёна”га имкониятни бой бериб қўйганди, бу гал ҳам ўша “анъанасини” давом эттирди. Ваҳоланки, “Машъал” Сирожиддин Қўзиевнинг пенальтидан урган голи эвазига ўйинда биринчи бўлиб ҳисобни очганди. Орадан беш-олти дақиқа ўтиб Отабек Жўрақўзиев голи эвазига ҳисоб тенглашади. Кейинги гал эса Темур Мамасидиқов икки дақиқада иккита гол уриб ҳисобни оширди. Шу тариқа “Олимпик” Суперлиганинг Про лигадан чиққан учинчи жамоасига айланди. Олдинда мавсумнинг сўнгги битта ўйини қолди – Ўзбекистон Кубоги финали. “Насаф” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги мазкур баҳс 4 декабрь куни Самарқанддаги “Динамо” стадионида ўтказилади. Учрашув соат 16.00да бошланади.
Ўтиш ўйини
2 декабрь, пайшанба
ОЛИМПИК – МАШЪАЛ – 3:1 (0:0)
Тошкент. “Пахтакор” стадиони. 323 томошабин.
Ҳакамлар: Раҳимбек Каримов, Александр Сидоров, Дониёр Сайлалов, Акобирхўжа Шукуруллоев
Назоратчи: Марат Исмаилов
VAR ҳаками: Азиз Асимов
VAR ассистент: Бахтиёрхўжа Шавкатов
VAR назоратчиси: Валентин Коваленко
Комиссар: Сардор Қудратуллаев.
Голлар: Сирожиддин Қўзиев, 57-пен. (0:1), Отабек Жўрақўзиев, 63 (1:1), Темур Мамасидиқов, 75 (2:1), Темур Мамасидиқов, 77 (3:1).
Манба: Pfl.uz