11.10.2019
«Челси», «Арсенал» ва Чехия терма жамоаси собиқ дарвозабони Петр Чех «Гилфорд Феникс» хоккей клуби билан шартнома имзолади. Бу ҳақда англияликлар расмий сайти хабар тарқатди.
«Мен «Гилфорд Феникс»да ўйнаш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман. Умид қиламан, бу ёш жамоага мавсумда мақсад қилинган натижаларни қўлга киритишида ёрдам бера оламан. Бу жамоа билан музга чиқиш имкониятига эга бўлган барча ўйинларда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламан. Футболдаги 20 йиллик фаолиятимдан кейин бу мен учун ажойиб тажриба бўлади. Ёшлигимда хоккей ўйнаганман ва уни томоша қилишни яхши кўрар эдим», — деди Чех «Гилфорд» матбуот хизматига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, Чех 2018/19 йилги мавсум сўнгида футболчилик фаолиятини якунлади. Унинг профессионал футболдаги сўнгги ўйини Европа лигаси финалида «Челси»га қарши бўлди (1:4). Ҳозирда Петр Чех «Челси» клубининг техник маслаҳатчиси ҳисобланади.